4-мавзу: Фалсафа фан методологияси сифатида

Режа:

1. Фалсафа илмининг моҳияти, мазмуни ва шакллари.

2. Фалсафанинг моҳиятига турлича ёндашувлар.

3. Фалсафанинг фанлар учун функциялари. Эвристик, координацион, интеграцион, мантиқий -гносеологик.

 

Таянч тушунчалар:

 

Фалсафа, фалсафа фани, илмий – фалсафий дунёқараш, антология, эпистемалогия, глобал фалсафа, регионал фалсафа, эвристик, координацион функция.

 

1-масала. Фалсафа қадимги замонлардан бошлаб ривожланиб келмоқда. Одам борки, фалсафа бор. Математика, физика, кимё, биология, техника фанлари, ижтимоий – гуманитар билимларнинг одам турмуши, жамият ҳаёти учун зарурлиги ҳаммага маълум. Аввало улар ҳақида фалсафий мулоҳазаларнинг ўзи кўпчиликни қизиқтиради.

Фалсафа илми ҳамма фанларга дахлдор. Фанни тасаввур қилиш мақсадида уни доира шаклида ифодалашимиз мумкин. У ҳолда доирани уч сектордан иборат деб билсак, улар: табиат ҳақидаги фанлар, техника фанлари ва ижтимоий – гуманитар фанлар. Хўш, фалсафа фани уларнинг қай бири таркибига киради? Учаловига ҳам! Шунинг учун фалсафа фани, аниқроғи унинг ўзаги бўлиб ҳисобланадиган диалектика илми мана шу доиранинг қоқ марказидан ўрин олган бўлиб, бутун атрофга методологик нур чиқариб туради.

Фалсафанинг ўзи нима? Кўпгина адабиётларда, “Фалсафа” -   бу табиат, жамият ва тафаккур ҳақида умумий қонуният фани деб таъриф берилади. Бу тўғри.

Инсон ҳаётининг маъною мақсадини билишга қаратилган илм қадимги юнон тилида философия – донишмандликни севиш деб аталган. Гегель эса фалсафа донишмандликни севишгина эмас, донишмандликнинг айни ўзидир, деган эди. Бизда бу илмни хикмат деб, ҳиндлар эса “Веда” (билим, билмоқ) деб атаганлар. Хуллас, ҳаётнинг маъно ва мақсади ҳақидаги масаланинг ечими билимдан келиб чиқади. Лекин, Плотон уқтирганидек, ҳар қандай билим билим эмас, балки энг теран маънони, яъни “моҳиятини билиш” даражасига кўтарилган илмгина Ҳақиқатни билишга, буюк “сирга” доҳл бўлиши мумкин.

Бундай илм, яъни фалсафа ёки хикмат нима эканини тўлиқ ва теран тасаввур этиш учун бу масалага ҳам онтологик (борлиқ нималигини англаш ҳақидаги таълимот), ҳам гносеология (билиш қандай амалга ошиши ҳақидаги таълимот) нуқтаи назарларидан ёндашиш керак.

Фалсафага дунёқараш шакли деб қарайлик. У ҳолда фалсафа “дуне ўзи нима?”, “у дунё ва бу дунё нима?”, “ғойиб ёки руҳий дунё ҳам бу дунё каби реалми?” сингари қатор саволларга жавоб бера олиши керак. То шу масалалар ечилмагунча, унинг бу вазифаси амалга ошмайди. Файласуф бу саволларга жавоб бериш учун дунёвий билимлар, яъни фан доирасидан ташқарига чиқиши, иррационал – мистик илмлардан воқиф бўлиш қобилиятига эга бўлиши ёки у дунёнинг, руҳий борлиқнинг мавжудлигини инкор этиб, материалистик ва атеистик  позицияни эгаллаши керак. Бунда қайси позицияни эгаллаш масаласи эса дунёнинг туб моҳияти (субстанцияси) муаммосини ечиш билан боғлиқ бўлади, субстанцияни билиш эса Плотон таърифлаганидек, фалсафанинг предметидир, яъни “фалсафа моҳиятни билиш илмидир”. Борлиқнинг моҳияти ҳақидаги илм эса фалсафанинг онтологик вазифаси доирасига киради. Лекин фалсафанинг онтологик вазифасини унинг гносеологик вазифасидан ажратиб бўлмайди. Чунки моҳият нима эканлиги билиш жараёнида аниқланади. Билиш эса Аристотель айтганидек, шубҳаланишдан, ҳайратланишдан бошланади. Инсон шубҳаланиш орқали дунё жумбоқларини ечиб, билим поғоналари бўйлаб аста – секин кўтарила боради. Моҳият нима эканлигини эса у ушбу поғоналарнинг энг олийси бўлган “Хусусий метафизика” босқичидагина англаб етади.

Плотондан бошлаб кўпчилик файласуфлар билиш жараёни хиссий ва эмпирик даражалардан бошланиб, рационал ва назарий босқичларга кўтарилиши, ундан кейин бу босқичлар билан ҳам чекланмасдан, интуитив (иррационал - трансцендентал) даража сари юксалиб борадиган  жараён эканлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурганлар. Масалан, Фаробийнинг уқтиришича, бу жараён борлиқнинг чин моҳияти – Хақни билиш билан ўз ниҳоясига етади. Айни шу илм метафизика бўлиб, у “барча илмларнинг якуни ва охиридир”. Ундан сўнг бирор нарсани текшинишнинг зарурати қолмайди, бу ҳар қандай тадқиқотнинг мақсади, бундай тадқиқот кишини осойишталик холатига келтиради.

Чин маънодаги хикмат ўзининг эзотерик (ўзликни билишга йўналган) ва экзотерик (ташқи дунёни билишга ва амалиётга йўналган) яъни рационал, иррационал ва прагматик аспектлари орасида уйғунликка, органик бирликка эришган таълимот сифатида майдонга чиқа олса, у фалсафа деб аталадими ёки динми, барибир, у барча бошқа фалсафий таълимотларни, динларни ва илмий билимларни интеграллаш (синтезлаш) вазифасини бажара олади.

Демак, фалсафа ўз предметига кўра жуда мураккаб маънавий ходисадир. Шунинг учун уни бошқа илмлардан фарқлаб, “Ҳикмат” ёки донишмандлик деб аталади. Лекин ушбу номлар фақат энг теран илдизга эга бўлган – “моҳиятни билиш” даражасига етиша олган фалсафага, яъни метафизикага муносибдир. Чин маънодаги фалсафа ҳикмат, донишмандлик илми бўлиб, унинг предмети моҳиятни – ҳақиқатни билишдан  иборатдир. Бу илм эзотерик (мистик, иррационал, ички) ҳамда экзотерик (ташқи, тафсирий рационал) даражаларда ташкил топади. Ҳар бир даражанинг ўзига мос ва  ўзига хос билиш услуби мавжуд. Олий (эзотерик) илмга нафсни поклаш ва борлиқни яхлит синкретик кузатиш услуби воситасида эришилса, олий рационал илмларга диалектик тафаккур услуби воситасида эришилади.

Айни пайтда ҳақиқат сифатидаги чин донишмандликда эзотерик ва экзотерик поғоналар ўзаро узвий бўлишиҳам керак. Ва бундай фалсафанинг тузилиши мазмуни ҳам, яъни онтология, гносеология, этика, эстетика, праксеология, руҳшунослик, жамиятшунослик ва х.к. органик бирликни ташкил этади. Бундай бирликнинг асосини эса мохиятни билишдан иборат онтологик мағиз (ядро) ташкил қилади. Шундай яхлит илм сифатида фалсафанинг вазифалари ҳам кенг кўламда амалга ошади.

 Фалсафа илмининг моҳиятини таърифлашда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

- ҳар хил фанлар бир бутун фанни ташкил қиладиларки, унинг номи фалсафадир;

-оламнинг, микро – макро, мегадунёларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши, ривожланиши, ва тақдири умумий қонуниятни билиб олиш ва ундан оқилона фойдаланиш;

-набодот, ҳайвонот, одамзотнинг дунёдаги мавқеини аниқлаш;

-материя ва харакат, фазо ва вақт, жон ва нафс, онг ва руҳ, ғоя ва мафкура тушунчаларининг мағзини чақиш;

-одам томонидан “иккинчи сунъий” дунёни вужудга келтиришнинг меъёрий қонуниятини яратиш;

-инсоннинг маънавий салоҳиятини бойитиш;

-адолатли, тўқ ва соғлом жамият қуриш қонуниятларини билиб олиш ва амалга ошириш- буларнинг ҳаммаси мана шу фалсафа илмининг асл моҳиятини таърифлашга ёрдам беради.

Фалсафа фани бир қанча конпонентлардан, қисмлардан, бўлаклардан ташкил топган бир тизимдир. Улар: онтология, гносеология, эпистемиология, ижтимоий фалсафа, этика, эстетика, маданияшунослик, айрим фанларнинг фалсафий методологияси, мантиқ, динлар фалсафаси, фалсафа тарихи, глобал ва регионал фалсафалар муносабати назарияси ва ҳоказо.

Физика, кимё, биология, космология фалсафаларининг ўрганадиган нарсалари ҳар хил кўринишдаги битта умумий материя бўлганидан, шунингдек математика материянинг айрим кўринишларини ўрганмаслигидан – уларнинг ҳаммаси географик хусусиятга эга эмас. Фалсафа, унинг ўзаги диалектика ҳам шундай, яъни диалектиканинг географик координатлари йўқ. Диалеканинг қонун –қоидалари жонсиз табиатда, жонли табиатда, шахс ва жамият ҳаётида ҳар доим мавжуд. Диалектика назариясининг асосий мағзи бўлган зиддият оламнинг барча жойида, ҳар қандай жамияту давлатда мавжуд.

Диалетика хукмрон бўлган онтология, гносеология, эпистемиология каби жаҳон фалсафасининг қисмлари ҳам Ер куррасининг ҳамма жойларида бир хил.

Лекин, давлат ва жамият жараёнларини ўрганувчи ижтимоий фалсафада бошқачароқ, яъни Европа ижтимоий фалсафаси Африка ижтимоий фалсафасидан, Хитой ижтимоий фалсафаси Ҳиндистон ижтимоий фалсафасидан фарқ қилади.

Собиқ совет иттифоқида битта фалсафа бўлар эди. Унинг номи марксча – ленинча диалектик ва тарихий материализм дейилар эди. У фалсафанинг асосий вазифаси пролетариат диктаткраси ва социализм – коммунизм қуриш идеологиясига хизмат қилиш эди. Совет давлати тоталитар хусусиятга эга бўлганидан, фалсафани ҳам ўзининг идеалогик қуролига айлантиришга харакат қилди. Натижада, аслида объектив фалсафа илми сиёсатлашган субъектив фалсафа дарсига айланди. Фалсафа шу сифатда ҳукмрон бўлиб турган вақтда Совет Иттифоқи парчаланиб кетди. Бинобарин, пайдо бўлган 15 та республикада у яккаю ягона фалсафа ҳам бўлакларга бўлиниб кетди. Ҳозир, масалан, Белоруссияда ўқитиладиган фалсафанинг мазмуни Грузияда ёки Эстонияда ўқитиладиган фалсафа мазмунидан фарқ қилади. Тожикистон Қозоғистондан фарқ қилади. Энди 15 та фалсафа мавжуд, десак хато бўлмайди. Ҳар холда 15 та республикада бир – бирига мос келадиган иккита фалсафа дастури йўқ. Бу ерда гап асосан, фалсафа тарихи ва социал фалсафа ҳақида кетяпти.

Ҳозирги замонда жаҳонда, масалан, Европа ва Америкада бир қанча фалсафий оқимлар мавжуд. Улар: Аверроизм, Алтернатизм, Антиреализм, Волюнтаризм, Деизм, Детерминизм, Дуализм, Иррационализм, Скептицизм, Прагматизм ва бошқалар. Уларнинг ҳар бирини тўла қабул қилиш мумкин эмас, лекин уларнинг ҳар биридаги ижобий фикрлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозир жаҳонда, масалан, Кембриж университетида фалсафа тарихи дарсидаги услублардан бири шуки, фалсафа тарихи буюк файласуф ва олимлар номлари Билан боғлаб ўқитилади. Масалан, Сократ, Платон, Аристотель, Локк, Беркле, Юм, Спиноза, Ньютон, Кант, Декарт, Рассел, Ницши ва ҳ.к.

Ҳар бир фан ўзининг тушунчаларига (категорияларига) эга. Масалан, қўшув, олув, кўпайтирув, тақсимлаш, интеграл тушунчалари – математикадир; Масса, тезлик, тезланиш, куч, энергия, импульс – механиканикидир; Молекуля, бирикмалар – кимёга қарашлидир; Нуклеин кислаталар, ген, верус, микроб, хужайра эса биологияга тегишлидир; Одам, шахс, жамият, миллат, халқ, турмуш тарзи, давлат, тинчлик тушунчалари гуманитар –ижтимоий фанларга оиддир.

Материя ва онг, субстанция, объект ва субъект, сабаб ва оқибат, рационализм ва иррационализм, релятивизм ва догматизм, онтология ва генисология, диалектика ва метофизика, чексизлик ва чеклилик, зарурият ва тасодиф, мазмун ва шакл, имконият ва ҳақиқат, моҳият ва воқелик каби тушунчалар юқорида тилга олган фанларнинг мундарижасига кирмайди. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси фалсафий категориялардир, яъни энг умумий тушунчалардир. Уларнинг ҳар бири айрим фанларнинг ҳаммасидан ўз кўринишида намоён бўлади. Бу қўш тушунчаларнинг ҳар бири зиддийдир, яъни бир хусусиятнинг икки қарама-қарши томонли тушунчалардир. Демак, фандаги умум тушунчалар, яъни фалсафий категориялар зиддиятли бўлиб диалектик характерга эга. Мана шу диалектика умумжаҳон фалсафасининг, ҳатто ҳар қандай худудий, миллий, диний фалсафанинг замин тамойилидир.

Фалсафий қонуниятлар фалсафанинг ўзаги бўлган диалектиканинг қонунлари дейилади. Улар: зиддият, яъни қаршиликлар бирлиги қонуни, миқдорий ўзгаришлар ва сифатий ўзгаришларнинг ўзаро бир – бирига ўтиши, инкорни инкор қилиш қонуни.

Бу умумбашарий, яъни фалсафий қонунлар жаҳон илмий фалсафий адабиётларида тан олинган.

2-масала. Фалсафа тарихида фалсафанинг моҳиятига турлича ёндашувлар бўлган. Бу бевосита фалсафа тушунчасини таърифлаш билан ҳам боғлиқ. Масалан, Аристотель олдин “Физика” китобини, сўнгра “Метафизика (Физикадан кейин)” китобини ёзган эди. Яъни биринчисида табаитшунослик, натурфалсафа, иккинчисида фалсафа баён этилган. Натурфалсафа тушунчаси кеийнчалик ҳар хил талқин қилинадиган бўлди.

И. Ньютон таърифига кўра иккита фалсафа бор бўлган: биринчиси – натурфалсафа; иккинчиси – метафизика. Унингча натурфалсафа табиат, яъни бор нарсалар ҳақидаги ижобий ютуқлар берадиган фалсафа, иккинчиси – ҳаёл суриб, мулоҳаза қиладиган абстракт фалсафа. У биринчиси томонида эди, иккинчисини тан олмаган. А. Эйнштейин эса иккаласини тан олиб, ўзининг ижоди биринчиси доирасида, фалсафий дунёқараш соҳаси эса махизм фалсафаси томонида бўлган.

Собиқ Совет Иттифоқида фалсафанинг асосий вазифаси пролетариат дикторураси ва социализм – коммунизм қуриш идеалогиясига хизмат қилиш эди. Совет давлати фалсафани ўзининг идеалогик қуролига айлантиришга харакат қилган. Натижада, аслида объектив фалсафа илми сиёсатлашган субъектив фалсафа дарсига айланди.

ХХ аср файласуларнинг фалсафа борасида фикрлари ҳам хилма  - хилдир. Масалан, инглиз мантиқшуноси, файласуф, социолог, Бертран Рассел фалсафа, теология ва фан ўртасидаги қандайдир воситадир деб таъкидлайди. Теология каби унда баъзи предметларга нисбатан аниқ билим ҳанузгача эгалланмаган, фан каби у кўпроқ авторитетларни эмас, балки инсон ақлини химоя қилади. Фалсафа, унинг фикрича фан ва теология ўртасидаги ҳеч кимга тегишли бўлмаган ва айни пайтда ҳар икки томоннинг хужумларига мулжалланган очиқ ердир. “Донишмандлик, яхшилик, гўзаллик нима?” каби жуда кўп фалсафий саволларга илмий лабараторияларда жавоб топиш мумкин эмас. Зотан, фан ва теология ечимини топа олмаган қатор масалалар фалсафий масалалар доирасига киради. Демак, Б. Рассел фанни биринчи ўринга қўяди.

Гегель эса фалсафани биринчи ўринга қўяди. Ницши фан ва фалсафага танқидий қарайди. В. Соловев динни фалсафа ва фанлан юқори қўяди. Хайдеггер эса, фалсафани устун қўяди.

 3-масала. Фалсафа тадқиқотчини билиш жараёнининг умумий қонуниятлари, ҳақиқат, унга эришиш йўллари ва шаклланиш ҳақидаги таълимот билан қуроллантиради. Фалсафанинг ижобий вазифаси шундаки, гуманистик (инсонпарварлик) характеридаги илмий тадқиқот натижаларининг йиғиндисини баҳоловчи “ҳакам” вазифасини бажарар экан, у илмий тадқиқотлар тараққиётнинг мантиғига мос равишда ривожланиб, ахлоқий дунёқарашли муаммолар типини яратади.

Ҳозирги замон фалсафаси аниқ фанларнинг ютуқларини ўзида акс эттиради ва уларни фалсафий талқин қилади.

Фалсафа оламни назарий англаш шакли сифатида намоён бўлади ва ўзида инсон тафаккури тарихини мужассамлаштирган категориал аппаратга таянади. “Методология” деб аталмиш қисмида, ҳозирги замон фалсафаси аниқ фанлар аппаратини англашни, тўлдиришни таклиф қилади. Шу маънода фалсафа илмий билимларнинг услуби ҳақидаги таълимот – методология вазифасини бажаради.

 Борлиққа кенг ва теран ёндашув кўникмаларининг сингдирилиши натижаси ўлароқ, хусусий фанлар орасида ҳамкорлик ва интеграллашув содир бўлади. Жамланган, умумлашган билимлар асосида эса борлиқнинг тўлиқроқ илмий манзараси чизиб берилиши мумкин. Ушбу вазифа эса фалсафанинг “дунё манзарасини чизиш ” вазифаси номини олган. Дуне манзарасини чизиш вазифаси қанчалик аниқ ва тўлиқ амалга ошса, фалсафа башорат қилиш вазифасини ҳам бажариш имкониятига эга бўлади.

  Шунингдек, фаннинг назарий асослари муаммосини ва илмий билимнинг рақобатлашувчи моделларини ҳал қилади. Тадқиқотчилар янги илмий назарияларни илгари сурганда илмий билимга нисбатан фалсафанинг эвристик функциясини ажратадилар. Айнан фалсафий тадқиқотлар фандаги ўз-ўзини англашни шакллантиради, ўзига тегишли имконият ва истиқболларини тушунишни ривожлантиради, унинг келгусидаги тараққиётига йўналтиради.

Фалсафанинг эвристик (юнонча: кашф этиш, топаман) функцияси шунда ифодаланадики, фалсафий методологик тамойиллар ва тушунчаларнинг (яъни, ҳодисадан моҳият томон ҳаракат қилиб бориш, сифат билан миқдорнинг бирлиги, ҳақиқатнинг конкретлиги,  нарсаларга ёндашишнинг ҳар томонламалиги) табиий – илмий назарияларни шакллантиришга таъсири бўлади. Фалсафанинг эврестик вазифаси гносеологик вазифаси билан боғлиқ бўлиб, табиат, жамият ва инсон тафаккури ривожланишининг янги умумий қонуниятларини кашф этишни характерлайди.

Фалсафа фанлар учун координацион функцияни ҳам бажаради. Фалсафий методологик тамойиллар  фан методларининг умумий системасида уларни координация қилиб, бирлаштириб туради.